//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [482]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

СИГАРЕТА

СИГАРЕТА

 

 Йигитнинг қадди қомати келишган. Елкалари текис. Бўйинлари тўла. Юзлари оқишдан  келган. Бош яланг. Оппоқ чеҳрасига ярашиб турган қиртишланмаган соқоллари юзига  муносиб, кўрган одамнинг ғашини келтирмайди. Эгнида оппоқ футболка. Жуда ҳам оппоқ.  Унинг оппоқлигини кийиб олган қора шалвари яна ҳам бўрттириб юборган.
 Орқасидан қараб борсангиз шалварининг пойчасида, ўнг болдирида, қизил доира ичида  90 ёзуви бор. Ёзув сариқ рангда ёзилган. Оёғида янги калиш. У тоза, кечами, эрталабми  супирилган асфальт йўлкадан бир маромда шипиллаб бормоқда.
 Чап томонда катта йўлни тўсиб турган арчалар, шаклдор тутлар, турли-туман ўсимликлар олами. Ям-яшиллик. Ўнг томонда ўн қадамда қад кўтарган кўп қаватли бинолар саҳни. У томон ҳам дарахтлар ва ям-яшил гиёҳлар билан безанган.
Йигит ўнг қўлидаги сигаретани мириқиб-мириқиб чекади. Қўлини ҳар замонда лабига олиб борганда сигарета чекилаётганидан ўзида йўқ мамнун бўлиб қўяди. Чекаётган соҳибига товуши чиқмаса ҳам раҳмат айтади. Тез-тез, кўпроқ ҳузурланиб чекишини яратгандан ялиниб-ёлвориб сўраб ҳам туради.
Соҳибининг қўлида у ёққа, бу ёққа чайқалиб чекилиб бораркан, икковлон дўстлар текис асфальт йўлкадан, энди рангли плиткалар ётқизилган чиройли, замонавий тарзда қилинган йўлакка чиқишди. Соҳибининг оёғидаги “шалоп-шалоп” қилиб келаётган калиш янги саҳнда “шип-шип” дейишга ўтди. Бу сигаретага ёқиб тушарди. Йўл чиройли эди. Калиш эса соҳибининг одимига мос чиройли шипиллар, бу нарса сигарета жонига ором бағишларди, гўё.
У соҳибининг бармоқлари орасидан атрофга қараркан, тозалик ва ям-яшилликдан баҳри дили очилиб кетди. Завқ-шавққа тўлиб-тошган қалби “кел, бир маромига етказиб қўшиқ айт” дер, лекин соҳиби уни чекаётганидан истиҳолага борарди.
Бирдан сигаретанинг ёпиқ кўзлари рангли плиткалар устига, шундоққина йўлка чеккасига, яшил ўсимликлар биқинига уюб тўкилган ахлатлар девасига тушди.
- Ё тавба,-деди у ўзига-ўзи. – Наҳотки шундай чиройли, кўркам жойга ахлат тўкишса! Қолаверса, бу йўл бўлса. Йўловчилар ўтса. Яшил ўсимликларнинг нариги тарафи катта асфальт бўлса...
У ердан машиналар ғизиллаб ўтиб турибди. Катта йўлнинг у бетида кўплаб маъмурий бинолар жойлашган. Бу ахлатлар улардан яширинча, кўрсатилмасдан, кўришмасин деб яшил тўсиқларга суяб тўкилибди-да! Эсиз-эсиз. Қандай одамлар қилган-а, буни! Хайф одам-э!..
Сигаретанинг ҳозир кўзи тушган бу манзарадан кайфияти бузилган эди. Соҳибига бағишлаётган ҳузурдан олаётган унинг ҳаловатлари бир зумда пучга чиқди. У энди бетоқат бўла бошлади. Унинг бетоқат бўлаётганидан бехабар соҳиби сигаретани лабига олиб борди-да, бир-икки қаттиқ-қаттиқ сўрди. Соҳиб миясида ғужғон ўйнаётган ўйларини жиловламоқчи бўлдими, шундай қилди. Бу орада сигаретанинг ёниқ кўзлари соҳиби ўн қадам ўтмасдан яна бир ахлат уюмига тушди.
- Э, тавба, - деди у ичида. – Одамларга нима бўлган ўзи? Аҳмоқ-паҳмоқмасми, улар? Шаҳарнинг қоқ марказида нима манзара бу?! Уларда инсоф борми ўзи?! Ҳамма ёқ тоза, чиройли бўлса-ю, ахлатни шу чиройли, покиза жойларга тўкишса. Нима деган гап бу! Кимлар улар, ахир!? Одамми, ё... Тозалик, озодалик қадрига етмаган одамни нима деб аташ мумкин?!..
У ўз ёғига ўзи қоврилиб миясига келаётган ўйларни ҳали йиғиштириб ҳам улгурмаган эдики, соҳиби уни лабига қўндирди-да, қайта-қайта сўра бошлади. Чекиб-чекиб, лекин тўла чекиб улгурмасдан уни бармоқлари орасига олди ва ҳатто, ён-верига ҳам қарамай туриб рангли плиткалар устига ташлаб кетаверди. У чала чекилган ҳолда йўл устида қолди. Даб-дурустдан тоза, чиройли йўл устига тушиб қолганидан бечора сигарета афсусда эди.
- Нима қилиқ бу? -  деди у кетиб бораётган соҳиба ортидан, унинг оқ, тоза футболкаси ва қора шалвари, шалварининг ўнг пойчасидаги сариқ рангдаги “90” ёзувига қараб қоларкан.
- Энди бунисига қандай чидаш мумкин? Келиб-келиб шу ерга ташлайсанми-а, номард? Номард экансан-у, ахир! Номард бўлмасанг, шундай қилармидинг?
Сигарета очиқчасига соҳибини сансирашга тушди. Тоза ерга тушиб қолганидан хижолат тортиб, ўзига-ўзи ғудранарди.
- Ташлар экансан, аҳмоқ, ҳув, аниви ерда дуч келган ахлатлар олдига ирғитмайсанми? Ўша жойлар менга тузук эди. Кўзга дарҳол кўринмас эдим. Бу ер тоза бўлса, ўтган одам албатта, хўмрайиб, бир қараб ўтади. Кўзларга ёмон кўринганим қолади. Ёки ўтлар ичига ирғитиб юбор эди. Ҳе, қўлинг сингур, аҳмоқ. Ярамас!..
Сигарета шундай сўзлар билан ҳалигина дўст тутингани, бир нафас бўлса-да, ҳамдард, ҳамнафас бўла олгани – соҳибини бўралаб сўкиб турган эди, қаердандир, орқаданми, олдинданми бир оёқ пайдо бўлди. У келиштириб сигаретани тепган эди, у учиб бориб, арчанинг тагига, сув оқадиган ариқчага бориб тушди. Бу ер энди унга ўтган-кетгандан, кўздан хилватроқ эди.
- Ҳайрият-ей, - деди у чуқур “уф” тортиб. Шу “уф” тортишда унинг кўзидаги йилтираб турган нуқтага ўхшаш чўғ тупроқдаги намга тегиб, ўчиб бўлган эди.
Фарид УСМОН,
ёзувчи.
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (07.07.2016)
Просмотров: 1146 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz