яхши пул топиш биз ўйлаганимиздан кўра осонроқ!

«Яшаш, яхши. Яхши яшаш ундан ҳам яхши». Бу ибора халқимиз орасида машҳур. Чунки барчанинг яхши яшагиси келади.

Хўш, яхши яшашнинг ўзи нима? Бунга эришишнинг йўллари қандай, сирлари нимада? Бунинг учун нималарни билиш, ўқиш ва уқиш лозим? Нималардан эҳтиёт бўлиш керак?

Янги лойиҳамиз — «Яхши яшаш санъати»даги туркум суҳбатларда шулар ҳақида фикрлашамиз. Бу — сизнинг саҳифангиз. Яхши яшаш санъати ҳақидаги ўз қоидаларингиз, фикр-мулоҳаза ва саволларингизни эркин билдиришингиз мумкин. Бу саҳифа қалбингиздан муқим жой олишидан умидвормиз.

Лойиҳамизнинг илк мавзуси — пул. Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, иқтисодиёт назариясида ўз мактабини яратган таниқли олим ва тадбиркор Шерқул Шодмонов билан пул аслида бойликми ёки бой ва фаровон ҳаёт сари элтувчи бир воситами?, деган савол теграсида гурунглашдик.

— Шерқул ака, пул ўзи қандай пайдо бўлган? У қайси восита ва вазифаларни бажаради?

— Ҳаммамиз китобларда ўқиганмиз: ибтидоий замонда дастлаб ортиқча товарларни айирбошлаш эҳтиёжи пайдо бўлган. Бировда буғдой, кимдадир гўшт-тери йиғилиб қолган-да.

Дастлаб, умумий тенг қийматлиликни туз, мўйна, фил шохи, қўй каби турфа товарлар белгилаб берган. Бироқ улар турли ҳудудда ҳар хил бўлган. Дейлик, қаердадир фил шохи пул вазифасини бажарган, бироқ бошқа жойда мўйнани тан олишган. Сўнг уларнинг ўрнини ягона бирлик — турли металл тангалар эгаллаган. Бора-бора уларнинг қиймати сайқалланиб, сараланган. Олдинига олтин бронза, мис ва кумуш тангалар, кейинчалик эса вексиллар (ишонч қоғозлари) ва қоғоз пуллар пайдо бўлган.

Пул — савдо муомаласи воситаси, бозор иқтисодиётининг асосий қуроли. Унинг ўзи товар, лекин пулга ҳар қандай товарни сотиш ё сотиб олиш мумкин.  Масалан, ручка 100 сўм, деймиз. Буни белгилаш учун эса пул керак. Пул жамғарилиш вазифасини ҳам бажариб, бойлик орттиришга хизмат қилади. Пул — тўлов воситаси: ҳар қандай товар ё хизматга пул тўланади. Солиқ ё жарима ҳам унинг қийматида ҳисобланади.

Пулсиз яшаб бўлади. Фақат…

— «Абдуллажон» фильмида Бозорбой ҳасратини эсласак: «Эй, ўғлим, ҳамма бало пулда. Катта опанг бешик тўйи қилиб беринг, деяпти; Болтавойни уйлантириб қўйиш керак; уйнинг чаласини битириш зарур; нарх-наво эса осмонда — эй, ўғлим, ҳаммасига ка-атта пул керак».

Хўш, иқтисодиёт назарияси бўйича пулсиз яшаб бўладими?

— Одам кимдандир моддий ўзиш ҳирс-ҳавасини буткул йўқота олса, пулсиз яшаш мумкин. Бироқ айни пайтда бунинг сира иложи йўқ.

— Унда бойиш учун нима қилиш керак?

— Меҳнат қилиш керак. Фақат меҳнат!

— «Автомобилдан сақланинг» фильмида Юрий Деточкин «шунча пул ўзингизникими?», деган саволга «умуман, анча меҳнатим сингган», деб жавоб қилади. Демак, ўғрилик учун ҳам меҳнат қилиш керак экан-да?

— Тўғри, ўғри ҳам қайсидир маънода меҳнат қилади. Аммо ўша «меҳнати» ҳам, топган пули ҳам ҳалол эмас.

— Пора ё садақа-чи?

— Булар ҳам меҳнатсиз топилган пуллар.

— Қизиқ, иқтисодиёт назариясида ҳам пул ҳалол-ҳаромга ажратилар эканми?..

— Албатта. Назария осмондан тушмайди. Ҳаётдан олинмаган ҳар қандай назария бировни ишонтира олиши даргумон. Пул ҳалол йўл билан топилса, баракали бўлади, ўзидан кўпаяди.

— Меҳнат завқи билан топилган пул вафодор бўлади, дейсиз-да…

— Айнан шундай: тез келган бойлик тез даф бўлади. Босқичма-босқич,  пухта билим, тадбиркорлик, машаққатли меҳнат билан келган давлат қувонч бағишлайди, эгасига садоқатли бўлади. Пул — қўлнинг кири, дейишади. Йўқ, аслида меҳнатсиз топилган пул кирга ўхшайди: руҳиятга ҳаловат бермайди.

Аввало ўзингиз ишонинг!

— Бой бўлмоқчимисиз? Ҳеч нарсага муҳтож бўлмай яшамоқчимисиз? Буни исташ, ният қилиш керак. Барака — ният ва ҳаракатга яраша бўлади. Бироқ олма пиш — оғзимга туш, деган билан иш битмайди. Сувдан ҳалво пишмайди.

Пул топишдан роҳат олиш, ҳузур туйиш учун қилаётган ишингиз, касбингиздан завқланиш лозим.Ўзингиз завқ олмайдиган иш билан яхшиси шуғулланмаган маъқул. Эртадан кечгача эснаб ўтиришдан ўзингизга ҳам, жамиятга ҳам ҳеч қандай фойда йўқ. Зерикдингизми, демак, ишни ё ишлаш услубини ўзгартириш вақти келибди.

Тўсатдан, ортиқча меҳнатсиз, бирданига бойиб кетиш хомхаёлидан буткул воз кечиш керак. Буткул. Овора бўлманг, осмондан чалпак ёғмайди.

Атрофга қаранг, реал, қонуний нима иш қилиш мумкин? Ҳар қандай вариантни кўриб чиқишдан эринмаслик керак. Халқимиз йигит кишига қирқ ҳунар оз, дейди. Ҳар қандай касбдан бойиса бўлади. Фақат ишнинг кўзини билиш, касбга садоқатли бўлиш керак.

Мен бир умр университетда дарс берсам ҳам ҳамиша уйда қўшимча даромад келтирадиган бирор ишни йўлга қўйишга ҳаракат қилдим. Дастлаб икки-уч қўй-мол боқишдан бошладик. Аста-секин уларни кўпайтириб, жамғарилган пулга кичикроқ товуқ ферма ташкил қилдик. Ҳозир 10 минг бош товуғимиз, 1 гектарча гилосзоримиз бор. Шу туфайли бозорни ўрганиб, дастлаб кичикроқ дўкон очдик. Ҳозир икки дўконимиз ишлаяпти.

Бойишнинг биринчи қоидаси — даромаднинг камида ўндан бирини жамғариш керак. Одамнинг эҳтиёжлари битмас-туганмас: бозордаги барча нарсани уйингизга келтирсангиз ҳам барибир нимадир кам бўлади. Топилган маблағни асраб қолиш, уни кўпайтириш — бу, энди, катта санъат!

Пул — энг зўр ишчи. Бекор турган пул — бор-йўғи қоғоз. Бугун учун қоринни алдашга ва йўлга етарли пул кифоя. Қолганини яна пул топишга йўналтириш керак. Пулни пул топади. Сармоянинг маъносини биласизми? Туғмас, ялқов товуқни қизиқтириш учун тухум қўйиб қўйилади. Уни кўрган товуқ туққанини билмай қолади. Ана шу — сар моя, яъни, бош тухум. Илк жамғарган пулингиз сармоя бўлишига эришиш учун одам тадбиркор, ҳушёр, ўзига ишониши керак. Бўлмаса, ўша бош тухум ҳам палағда бўлиб қолади. Бошқача айтса, товуқни ишонтириш учун олдин одам шу товуқ тухум туға олишига ўзи ишониши керак.

«Пул жигардан бўлган», деган ибора бор. Мен кўпинча айтаман: пул бежиз қоғоздан ясалмаган. Уни асрамасангиз, йиртилиб, ўз қийматини йўқотади. Пул ўзини эҳтиёт қилган одамга суянч бўлади.

Ишбилармон одам даромад келишига ишонмайдиган ишга пул тикмайди. Шунинг учун ҳамиша доно, ақлли, тажрибали инсонлар билан маслаҳатлашиш керак. Шудгорда қуйруқ ётмайди. Ёки текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади.

— Улуғлардан бири «пулни зарб этилган озодлик», деган экан…

— Шундайликка шундай. Лекин пулга қул бўлган одамни пул ўйнатади, пулга хожа одам эса пулни ишлатади. Ўйлаб кўринг: нима учун фарзандлар бир ота-онадан туғилади-ю, бири камбағал, бири бой бўлади. Чунки улардан бири эртага бой бўлиш учун бугун тежамкорликни ўрганади, тежашга чидайди.

— Пул одамни бузади, оқибатни кўтаради, деган гаплар ҳам бор.

— Барибир, пул топиш учун ҳаракат қилавериш керак. Бироқ ёзилган ва ёзилмаган қонун-қоидалар чегарасидан чиқмаслик лозим. Эътибор берсак, манзилга элтувчи яқин йўллар ҳамиша нотекис, хавфли ва одатда фалокатли бўлади. Табиатнинг бу мўъжизасида ҳам катта гап бор. Айримлар тирикчиликнинг айланма йўлларини танлаб, қонунни бузади, одамларга зарар етказади, ота-онасига лаънат олиб келади, гуноҳга ботади. Текис йўл – узоқ бўлса-да, бехавотир.

Пул ота-онани боладан айиради, дейишади. Шундай ҳолга гувоҳ бўлсам, доим «ўша ота-она ҳам, боласи ҳам пулнинг қули бўлиб қолгани учун пул уларни бошқаряпти», дейман. Чунки ҳаётдан асл мақсад — тан-руҳ ҳаловати. Пул эса бу йўлда бир восита, холос.

— Бир умр меҳнатнинг остида юриб, косаси оқармаган, чўнтаги пул кўрмаган одамлар-чи? Балки пул топиш меҳнатининг сири бордир?

— Хўп, десангиз, бу ҳақда кейинги гал гурунглашсак…

Мурод Ғофуров гурунглашди.