//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [482]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

НИГОРОН КЎЗЛАР

НИГОРОН КЎЗЛАР

Бу воқеага анча йиллар бўлди. Унда мен давлат ишида ишлардим. Қўшнимиз Манзура хола ҳам тирик эди. Одатдаги кунларнинг бирида эрталаб ҳовлимиздан чиқибоқ қўшнимиз Манзура холанинг дарвозасига қарадим. Ҳар куни бу вақтда остонада ўтирадиган Манзура хола кўринмасди. Дарвоза эса берк. Ҳовлига кирдим. Ҳовли саҳни озода, ариқча лабида турли кўкатлар, райҳон, жамбил, ўсмалар барқ уриб ўсиб ётибди. Тандир ёнидаги узум ғарқ пишган, олтиндай товланади.
Даҳлиз эшиги очиқ эди, астагина уйга кирдим. Дераза тагида қишдан бери бузилмай қолиб кетган сандал ёнида хола ётибди. Кўзлари юмуқ, юзлари сўлғин, оппоқ сочлари ёстиққа паришон ёйилган. Ёнига ўтириб, пешонасига қўлимни қўйдим. Қўлларим совуқ тегди, шекилли, у кўзларини очди. Лабларини аста пичирлатиб, нимадир деди.
- Тузукмисиз, хола?
- Шукр болам, келинг.
Базўр жавоб бергач, хола яна кўзларини юмиб олди. Киприклари орасидан сизиб чиққан кўз ёшларини артдим. Токчадан совуқ чой олиб, холага ичирдим. Сочларини тузатиб, ўрнимдан турдим. Ишхонамга етгунча хола ҳақида ўйлаб кетдим...
...Манзура хола шу ҳовлида эри, болалари билан тинчгина яшарди.  Эри Орифжон ака оламдан ўтгач, Манзура хола тўрт ўғил, бир қизи билан қолди. Уруш бошланганда катта ўғли 22 ёшга кирганди, кичиги 16 ёшда эди. Бир варакайига икки ўғли ҳарбий хизматга чақирилди. Собиржон, Қобилжонлар Ватан ҳимояси учун биринчилардан бўлиб фронтга отланишди. Бир йил ўтар-ўтмас, укалари Каримжонга ҳам чақирув қоғози келди. Уч оғани-ини жангларда мардлик кўрсатиб, йигитлик ғурури билан Ватанни ҳимоя қилишарди. 
Лекин жанг қурбонсиз бўлмас экан. Аввал ўртанча ўғлидан айрилган Манзура хола тонг саҳарда фарёд чекиб, қўшниларини йиғди. Кейин Собиржондан ”қора хат” келди. Онаизорнинг дарди дунёси куйиб турган кунларнинг бирида Каримжонини урушга олиб кетишди. Уч ўғил, уч азамат онасини зор қақшатиб қўйганлари (чунки Каримжон ҳам тез орадаёқ қаҳрамонларча ҳалок бўлганди) етмагандек, кенжа ўғил Нозимжонини ҳам ҳаёт кўп кўрди. Чақирув қоғозини онасидан яшириб, гўёки ўзини ўқишга кетаётгандай кўрсатгани билан, бари бир уни уруш чорлаётганини Манзура хола қалбан ҳис этарди. Аммо начора! Ўғил туғибдими, энди уларни халқ ишидан, элга келган ташвишлардан четга ололмасди. Ўғилларнинг ўзлари ҳам ориятни қаттиқ тутишарди. Халқ бошига иш тушганда четда туриш эр кишининг иши эмаслигини оналарига тушунтиришиб, ундан оқ фотихалар олишиб кетишганди урушга.
Бироқ ҳеч қайсиси уйга қайтишмади. Ҳаммасининг тупроғи олисларда экан, ўша ёқларда мангу уйқуда қолишди...
Манзура хола ҳали элликка ҳам кирмаганди. Куч-ғайрати бор эди, фабрикада ишлаб, ғам-ташвишларини унутиб яшай бошлади. Ёлғиз қизи Комилагина унга ҳамдард бўла оларди. Икковлашиб оиланинг забардаст ўғлонлари хотирасини сақлашиб, улар учун ҳам яшаш кераклигини ҳис қилишиб кун ўтказишарди. Комила анча бўй етиб қолган кезларда қаттиқ хасталанди. Илк баҳор кунларининг бирида, ўриклар эндигина куртак ёза бошлаган дамларда Комиланинг ҳам умри тугади. Чунки унинг дардига даво топилмади. Манзура хола яна аламлар чекиб, яна чўғ ушлаб, доғи-ҳасратда қолаверди...
Уруш тугади. Ватанимиз ғалаба қозониб, барча аскарларни уйга қайтарди. Бирин-кетин омон қолган аскарлар уйларига қайтишди. Аммо Манзура холанинг тўрт ўғлидан лоақал биттаси ҳам эшик қоқиб, кириб келишмади. Хола уччов катталарининг ўлганига ишонарди, лекин кенжатойи Козимжонини бари бир қайтади, деб умид қиларди. Козимжон бошида хат ёзиб, қаерда, қандай хизматда эканлигини билдириб турганди. Бирдан хат тўхтаб қолади. Козимжон бедарак йўқолган, шекилли, на ўлигидан, на тиригидан хабар келмайди. Шу-шу онаизор бечора ўғлини ҳамон тирик, деб гумон қилади. Орадан неча йиллар ўтса ҳамки, у Козимжонини кутишдан чарчамайди. Ҳовлисидаги бир туп узум дарахтини авайлаб-асрайди. Уни кесмайди ҳам, кўммайди ҳам. Томларига чирмашиб чиқиб кетган узуми ҳар йили мўл-кўл мева қилади. Хола қўни-қўшниларига узум улашади, маҳалла болаларига армонсиз едиради. Қолганларини қоғоз халтачаларга солиб, оқ қиров тушгунгача тупида сақлайди. “Буни Козимжонга сақлаяпман, у қайтгандан сўнг ейди...” дейди худди ёш бола каби ўзини алдаб...
Мен ҳар куни ишга кетаётиб, холани дарвозаси олдида кўрардим. У остонада букчайиб ўтирган бўларди. Узоқ-узоқларга қадалган нигоҳлари маъюс, ғамгин эди. Уни шу ҳолатда кўришга ўрганиб қолганлигим боис, кўп ҳам ҳайрон қолмасдим. “Балки бу нигорон кўзлар олисларда қолган жигарпоралари йўлига интизордир”, деган ўйга борардим ҳар сафар.
Ўша куни ишдан қайтишда холанинг касалхонага тушганлигини эшитдим. Уйга кирмаёқ, тўғри холанинг олдига бордим. Кенг, ёруғ хонада уч-тўрт бемор ётибди. Хола ҳам оппоқ чойшаблар тўшалган кроватда бемажолгина ётганди. Кўзлари бесаранжом боқиб, атрофни кузатар, ундаги мунг ўша-ўша эди.
- Сизга нима бўлди, Манзура хола? Эрталаб бунчалик эмасдингиз?- сўрадим аста қўлларидан тутиб.
- Қаричилик-да, болам, қаричилик, - деб хола аста ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. Мен уни безовталанмасликка ундаб, ёнига келиб ўтирдим. Хола мунгли кўзларини менга қадади ва деди: - Биласиз, ўлим ҳам мендан қўрқади. Қўрққани учун аламидан ҳамма боламни мендан аввал олдимга солиб кетди... 
Мен бари бир ўлмайман... Ҳали кенжатойим келади, Козимжонни кутиб яшаяпман, ахир...
Кўнглим бузилди, бўғзимга бир нарса қадалди. Қуйилиб келган кўз ёшларимни холадан яшириб, дераза томонга қараб олдим. Ташқарида ҳаёт қайнамоқда эди. Қуёшнинг ботишдан олдинги қизғиш нурларида ял-ял ёнаётган дарахт баргларига тикилиб қолдим. Шу аснода, инсонга таъзим қилиш кераклиги ёдимга тушди. Айниқса, мана шу қаршимдаги муштипар онага ўхшаган сабр-бардошли, иродаси метин, умидлари сарҳадсиз инсонларга тасанно айтгим келди. “Таъзим сенга, эй она!” деб унинг хоки пойини ўпгим келди...
Рўзихон ИМИНОВА,
Асака шаҳри.
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (07.07.2016)
Просмотров: 1059 | Рейтинг: 4.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz