//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [482]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

МЕНИ ИШДАН БЎШАТИШМОҚЧИ...

МЕНИ ИШДАН БЎШАТИШМОҚЧИ...

- 1985 йили Наманган педагогика билим юртини мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси йўналиши бўйича тамомлаганман. Шу йилдан қишлоғимиздаги мактабда мусиқа ўқитувчиси ва тўгарак раҳбари бўлиб ишлай бошладим. 1994 йилдан мактаб-интернатда тарбиячи, 2010 йилдан бир ставкада етакчи вазифасида ва мусиқа тўгараги раҳбари бўлиб ишладим. 2014 йилдан яна умумтаълим мактабида 0,5 ставка ҳажмида ёшлар етакчиси бўлиб ишлай бошладим. 2011 йили ёшлар етакчиси иши бўйича малака ошириш курсидан ўтганман. 30 йиллик педагогик стажга эгаман.

Мактаб директори етакчи лавозимига мутахассислигим тўғри келмаслигини важ қилиб, ишдан бўшашимни талаб қилаяпти. Менинг ушбу вазифада ишлашим мумкин эмасми?

Б. НАЗИРОВА,

Учқўрғон тумани

 

- Директорнинг талаби нотўғри. Сиз ушбу вазифада ишлашингиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 июндаги 164-сонли Қарори билан тасдиқланган “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган классификатори”да етакчи лавозимига ўрта махсус малака талаби белгиланган.

 

 

ДИРЕКТОР ЎРИНБОСАРЛИГИГА ТАЙИНЛАШМОҚЧИ...

- 1995 йили Тошкент давлат Техника университетини тугатганман. Шундан бериМингбулоқ туманидаги мактаблардан бирида информатика фанидан дарс бериб келаман. Наманган вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида қайта тайёрлаш курсида ўқиб, информатика фанидан дарс ўтиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлдим.

Айтингчи, мен мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида ишлашим мумкинми?

З. ХАЛИЛОВ,

Мингбулоқ тумани

 

- Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 14 июндаги “Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 186-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифлари”да умумтаълим мактаби директори ўринбосарларига:

педагогика йўналиши бўйича камида бакалавр даражасидаги олий маълумот;

хорижий тиллардан бирининг бошланғич босқичини ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни билиш;

беш йилдан кам бўлмаган педагогик иш стажига эга бўлиши каби талаблар белгиланган.

Қайта тайёрлаш бўйича сертификат иккинчи олий маълумот ҳисобланмайди. У сизга фақат информатика фанидан дарс ўтиш ҳуқуқини беради. Сиз педагогика йўналишида олий маълумотга эга бўлмаганингиз учун мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида ишлашингиз мумкин эмас.

 

 

УСТАМА ҲАҚ ОЛИШИМ МУМКИНМИ?

- Умумий ўрта таълим мактабларида ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро назоратини юритиш вазифаси юклатилган ходимнинг ойлик маошига (у шу вазифани бажаргани учун) директор жамғармасидан устама ҳақ тўлаш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қайси ҳуқуқий ҳужжатга асосланади?

У. АСҚАРОВА,

Наманган тумани

 

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли Қарори 4-иловаси билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига асосан, директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан устама ҳақ умумтаълим мактабларининг фақат ўрнак кўрсатган ўқитувчиларига тўланади.

 

НЕГА СОАТБАЙ ҲАҚ ТЎЛАНЯПТИ?

- Косонсой туманидаги мактаблардан бирида директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлайман. 6 соат дарсим бор. 2015 йил март ойидан бошлаб 6 соат дарсимга соатбай тарзида иш ҳақи тўланмоқда. Мактаб ҳисобчисидан нега соатбай ҳақ тўланаётганини сўраганимда, ҳеч қандай асос кўрсатолмади. Ҳисобчининг бундай йўл тутиши тўғрими?

Т. ХОЛХЎЖАЕВА,

Косонсой тумани

 

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли Қарори 3-иловаси билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги Низомнинг 12-бандига асосан, умумтаълим муассасалари раҳбарлари томонидан ўтилган ўқув соатлари учун иш ҳақи соатбай тўланади. Демак, ҳисобчининг хатти-ҳаракати тўғри.

 

МЕНГА ДАРС БЕРИШМАДИ...

- Тошкент давлат Иқтисодиёт университетининг кибернетика факультетини тамомлаганман. Ихтисослигим математик. 1994 йилдан буён қўшни қишлоқдаги мактабда ишлайман. Ўтган йили мактаб маъмурияти менинг мутахассислигим тўғри келмаслигини айтиб, вакант дарслар ҳисобидан 10 соат дарс берди, холос. Бу йил эса менга умуман дарс беришмади. Шу тўғрими?

Ш. ЖЎРАБОЕВ,

Поп тумани

 

- Мактаб маъмуриятининг талаби тўғри. Боиси, сиз педагогика йўналишидаги олий таълим муассасасини тугалламагансиз. Математика фанидан дарс бериш ҳуқуқига эга бўлишингиз учун Халқ таълими вазирлигининг 2007 йил 3 апрелдаги 90-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Халқ таълими муассасаларида фаолият кўрсатаётган номутахассис кадрларни тегишли педагогик мутахассисликка қайта тайёрлаш ҳақида”ги Низомга мувофиқ, шу фан бўйича ўрнатилган тартибда қайта тайёрлов курсидан ўтишингиз лозим.

 

ДИПЛОМИМНИ ҚАЕРДАН ОЛАЙ?

- 2012 йили Тошкент вилояти давлат Педагогика институтининг кимё ва экология йўналишини тамомлаганман. Саволларим қуйидагича:

1. Дипломимнинг асл нусхасини қаердан олишим мумкин?

2. Мактабда ботаника, зоология, одам ва унинг саломатлиги, биология фанларидан дарс беришим мумкинми?

Ж. АБДУСАТТОРОВ,

Уйчи тумани

 

- Тошкент вилояти давлат Педагогика институтининг фаолияти тўхтатилгани сабабли, дипломингизни олиш бўйича Ангрен шаҳар давлат архивига мурожаат қилишингиз мумкин.

Иккинчи саволингизга келсак, сиз ботаника, зоология, одам ва унинг саломатлиги, биология фанларидан дарс бериш ҳуқуқига эга бўлишингиз учун Халқ таълими вазирлигининг 2007 йил 3 апрелдаги 90-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Халқ таълими муассасаларида фаолият кўрсатаётган номутахассис кадрларни тегишли педагогик мутахассисликка қайта тайёрлаш ҳақида”ги Низомга мувофиқ, шу фанлар бўйича ўрнатилган тартибда қайта тайёрлов курсидан ўтишингиз лозим.

 

ИНГЛИЗ ТИЛИ ЎҚИТУВЧИСИ УЧУН ҚАНДАЙ ИМТИЁЗЛАР БОР?

- Мен инглиз тили ўқитувчисиман. Шу боис қуйидаги саволлар билан сизларга мурожаат қилмоқдаман.

1. Тариф бўйича инглиз тили дарсларини синфни икки гуруҳга бўлган ҳолда ўтилади. Иккинчи гуруҳ ўқитувчиси бетоб бўлиб қолса ёки бошқа мутахассис йўқ бўлса, ҳар икки гуруҳга ҳам бир ўқитувчи дарс ўтишига тўғри келади. Шундай ҳолларда қўшиб ўтилган дарслар учун ўқитувчининг ойлик маошига қўшимча пул тўланадими?

2. Инглиз тили ўқитувчиси ўзи ишлайдиган мактабда соатбай дарс берса, унга ойлик маош қандай тартибда тўланади?

3. Инглиз тилидан иккита мактабда дарс берадиган ўқитувчиларга Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан, белгиланган устама иккинчи мактабдан ҳам тўланадими?

М. ЭГАМБЕРДИЕВ,

Чортоқ тумани

 

- Биринчи саволингизга жавоб шуки, амалдаги қонунчиликка кўра, қўшиб ўтилган дарслар учун ўқитувчининг ойлик маошига қўшимча ҳақ тўланмайди.

Иккинчи саволингизга келсак, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарорига асосан, инглиз тили ўқитувчиси ўзи ишлайдиган мактабда соатбай дарс берса, унга ойлик маош соатбай тарзда тўланади.

Учинчи саволингизга жавоб қуйидагича:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш тўғрисида”ги 490-сонли Қарорига мувофиқ, чет тили ўқитувчиларининг маошига ҳар ойлик устамалар тайинлаш тартиби ва шартларига асосан, инглиз тилидан иккита мактабда дарс берадиган ўқитувчиларга белгиланган устама иккинчи мактабдан ҳам тўланишига рухсат берилади.

 

ФАРҚ НИМАДА?

 Давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг фарқи нимада?

Қ. РАЖАБОВА,

Наманган шаҳри

 

- Давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларнинг таъминоти давлат бюджетлари маблағлари томонидан амалга оширилади, нодавлат таълим муассасаларида эса, сарф-харажатлар муассис томонидан амалга оширилади.

Давлат ва нодавлат таълим муассасалари болаларга таълим-тарбия беришда бир хил мақсад ва вазифаларни бажаради, яъни:

болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлаш;

бола шахси асосларини шакллантириш, унинг билимга қизиқишларини ривожлантириш;

боланинг интеллектуал, шахсий ва жисмоний ривожланишини таъминлаш;

боланинг ривожланишидаги нуқсонларни зарур тарзда тузатиш;

болаларни миллий маданият ва умуминсоний қадриятлар билан таништириш;

болаларни мактабда ўқишга тайёрлаш.

 

ИХТИСОСЛАШГАН ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ҲАҚИДА...

- Бизда қандай ихтисослашган мактабгача таълим муассасалари бор? Фарзандимни шундай муассасага жойлаштиришим учун қанақа ҳужжатлар талаб қилинади?

И. СОБИРОВА,

Янгиқўрғон тумани

 

- Айни пайтда республикамизда бешта турдаги (нутқида оғир нуқсонлари бўлган болалар учун, эшитишда оғир нуқсонлари бўлган болалар учун, кўришда оғир нуқсонлари бўлган болалар учун, психик нуқсонли (психик ривожланишда кечикиш, ақли заиф) болалар учун, таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсонлар бўлган болалар учун) махсус ҳамда иккита турдаги санатор (гепатит касаллиги билан оғриган болалар учун, сил индексацияси аниқланган болалар учун) мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Бу муассасаларга фарзандингизни жойлаш учун яшаш манзилингиз бўйича оилавий шифохонага мурожаат қилишингиз лозим.

Махсус мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш тиббий-психологик-педагогик комиссияларнинг хулосасида белгиланади.

Комиссия хулосасини олиш учун ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (икки нусхада);

боланинг отаси ёки онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг паспорти нусхаси (икки нусхада);

яшаш жойидаги психоневролог, дефектолог, оториноларинголог, ортопед, окулист шифокорларнинг бола нутқидаги нуқсони, унинг эшитиш ва кўриш, таянч – ҳаракатланиш аъзосидаги нуқсонлари бўйича қўйилган ташхислари (асли ва нусхаси);

бола умумий типдаги муассасага қатнаган бўлса, унинг жисмоний ёки ақлий ривожланишига берилган, муассаса мудирининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган тавсифнома (асли ва нусхаси).

Комиссияга юборилаётган болаларга яшаш жойидаги шифокор (тор мутахассислар)лар томонидан қўйилган ташхис шифохона бош шифокори (у бўлмаган ҳолларда унинг ўринбосари)нинг имзоси ва гербли муҳр билан тасдиқланган бўлиши шарт.

 

БАДАЛ ПУЛИ ҲАММАГА БИР ХИЛМИ?

- Айтингчи, мактабгача таълим муассасалари учун бадал пулини тўламайдиган тоифалар ҳам борми? Ёки қандай оилаларга тўлов бўйича чегирмалар, имтиёзлар мавжуд?

С. ТОЖИБОЕВА,

Чуст тумани

- Мактабгача таълим муассасаларида ота-оналардан бадал тўловлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2008 йилнинг 13 февраль куни 768-рақами билан рўйхатдан ўтган “Мактабгача тарбия болалар муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади. Унга кўра, мактабгача таълим муассасасига битта фарзанди қатнайдиган ота-оналар энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида, икки ва ундан ортиқ фарзандлари қатновчи ота-оналар эса, энг кам ойлик маошнинг 71 фоизи миқдорида бадал пули тўлайдилар.

Мазкур Низомнинг IV бўлим, 26-бандига кўра, мактабгача таълим муассасалари ва интернатларда болалар таъминоти учун тўловлардан кам таъминланган оилаларнинг болалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу муассасаларда (интернатларда)ги уларнинг умумий cонидан 15 фоизи доирасида озод қилинади. Бунда ота-оналари (биттаси ёки иккаласи) I ёки II гуруҳ ногиронлари бўлган кам таъминланган оилаларнинг болалари биринчи навбатда тўловлардан озод қилинади.

 

ИЖАРА НАРХЛАРИ НЕГА ҲАР ХИЛ?

- Умумтаълим мактабларида иккинчи синфдан бошлаб, ўқувчиларга дарсликлар ижара асосида берилаётган экан. Бироқ, негадир ижара баҳоси ҳар жойда ҳар хил. Бунинг боиси нимада? Ижаранинг аниқ тарифлари белгиланганми?

Ш. ФОЗИЛОВ,

Тўрақўрғон тумани

 

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 майдаги ПҚ-362-сон “Умумтаълим мактабларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ:

Ўқувчиларга Халқ таълими вазирлиги томонидан ижара тизимида фойдаланиш учун тавсия этилган дарсликлар ижарага берилади. Дарсликлар тўплами учун синфлар ва таълим тиллари кесимида ижара тўлови республика бўйича ягона бўлади, унинг миқдори ва тўлаш шакли Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан ўрнатилади ва 25 августдан кечиктирмаган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Дарсликларнинг тўплами учун ижара тўлови миқдори тегишли миқдордаги дарсликлар ва ЎМҚларни келгусида харид қилиш ва етказиб бериш учун зарур бўладиган маблағларнинг истиқбол ҳажми ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда олинадиган ва амалга ошириладиган Жамғарманинг истиқбол даромадлари ва харажатларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

 

ҲИСОБГА ОЛИНАДИМИ?

- Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Меҳнат таътили ҳақини ҳисоблашда устама ва дафтар текшириш тўловлари ҳам ҳисобга олинадими?

Ж. БОЗОРОВА,

Норин тумани

- Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 148-моддасига мувофиқ, йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби”га асосан, ўртача ойлик иш ҳақига ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киритилган.

Шунга асосан, ўқитувчиларга меҳнат таътили ҳақини ҳисоблашда устама, синф раҳбарлиги учун тўлов, дафтар ва ёзма ишларни текширганлик учун тўловлар киритилади.

 

КИТОБ ДЎКОНЛАРИДА ДАРСЛИК ЙЎҚ...

- Умумтаълим мактабларининг 5-синф учун мўлжалланган адабиёт дарслиги зарур эди. Наманган шаҳридаги деярли барча китоб дўконларига бориб кўрдим, афсуски, мен сўраган дарсликлар йўқ экан. Аввалроқ аниқ фанларга оид баъзи китобларни қидирганимда ҳам тополмагандим.

Айтинг-чи, шундай ҳолатларда кимга мурожаат қилиш керак? Чунки китоб дўконлари сотувчиларидан дарслик яна қачон келишини сўрасак, қисқагина қилиб: “билмадик” деган жавобни беришаяпти.

О. ЁҚУБЖОНОВ,

Наманган шаҳри

 

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 майдаги ПҚ-362-сон “Умумтаълим мактабларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ:

Чакана савдо тармоғи орқали сотиш учун нашр этилган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар “Ўзкитобсавдо” ДАК ва унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзкитобсавдотаъминоти” МЧЖ, “Шарқ зиёкори” ОАЖ, шунингдек бошқа китоб-савдо ташкилотлари томонидан шаҳарларда, туман марказларда ва узоқ жойлашган аҳоли пунктларда аҳолига дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни сотиш учун махсуслаштирилган савдо тармоқларида, шу жумладан мактаб бозорлари ва ярмаркаларини ташкил этиш йўли билан сотилади.

 

МАКТАБДА ПУЛ ЙИҒИШ МУМКИНМИ?

- Ўғлим мактабда ўқитувчимиз синф фонди учун пул олиб келинглар, деб беш минг сўм сўраганди, бериб юбордим. Аммо кейин ўйланиб қолдим, умумтаълим мактабларида пул йиғиш мумкинми, ўзи? Агар мумкин бўлса, унда ота-оналардан йиғиладиган пулнинг муайян миқдори белгиланганми?

Ф. ЮСУПОВ,

Поп тумани

- Умумтаълим мактабларида ота-оналардан пул йиғиш қатъий ман этилади. Фақатгина ота-оналар томонидан тайинланган Васийлик кенгаши ўзаро келишган ҳолда умумтаълим мактабига ихтиёрий молиявий ёрдам кўрсатилиши мумкин. Бироқ, бу кўмак фақатгина ота-оналарнинг шахсий ташаббуслари билан ихтиёрий тарзда амалга оширилиши лозим.

Бу ҳолда Васийлик кенгаши ота-оналар, ҳомийлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўрсатилаётган меҳр-мурувват сифатидаги ҳомийлик ёрдамлари (пул кўринишида)ни белгиланган тартибда муассасанинг банкдаги ҳисоб рақамига, товар моддий бойликларнинг бухгалтерия ҳисоботига кирим қилинишини назорат қилиши шарт.

 

ФАРЗАНДИМИЗДАН ХАВОТИРДАМИЗ...

- Нима сабабдан мактабда уяли алоқа воситасидан фойдаланишга тўлиқ тақиқ қўйилди? Ахир биз ота-оналарга зарур пайти бола билан боғланиш имконияти бўлса бехавотирроқ эди.

Таълим муассасида ўқувчи ва ўқитувчиларнинг мобил телефондан фойдаланиш тартибларини изоҳлаб берсангиз.

М. ОДИЛОВА,

Уйчи тумани

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги 139-сонли Қарори билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ, Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 25 майдаги 165-сонли буйруғи тасдиқланиб, ижрога йўналтирилган.

Мазкур буйруқ билан барча таълим муассасаларида мобил телефондан фойдаланиш бўйича тартиб белгилаб берилган. Хусусан:

Таълим муассасаси раҳбарлари, педагоглар, ишчи-ходимлар ва ўқувчи-талабалар таълим муассасасига уяли алоқа воситалари билан келиш ҳуқуқига эгадир.

Таълим муассасаси ичида мобил телефон “Овозсиз режим”да ёки товуш сигнали ён атрофдагиларни безовта қилмайдиган, эътиборини тортмайдиган, асабига тегмайдиган чақирув товушда бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, ўқувчи ва талабалар таълим муассасасига кираётганда мобил телефонни ўчириб қўйишлари ҳамда ўқув машғулотлар давомида ундан фойдаланмасликлари лозим.

Ўқувчилар мобил телефондан умумтаълим мактабига киришдан олдин, катта танаффус ва танаффусларда ота-оналари ёки уларни ўрнини босувчи шахслар, оила аъзоларига соғ-саломат етиб келганликлари ҳамда охирги дарсдан кейин (ёки маълум сабабларга кўра аввалроқ) умумтаълим мактабидан кетаётганликлари тўғрисида хабар бериш мақсадида фойдаланишлари мумкин.

Шу билан бирга, фавқулодда ҳолатларда ўқувчилар учун ота-оналари, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва оила аъзолари билан мобил телефон орқали сўзлашишлари учун тўлиқ имконият яратилади.

Бугунги кунда, таълим муассасаларида қуйидаги ҳолатларда мобил телефондан фойдаланишда чеклаш мавжуд. Мазкур чеклашлар боланинг амалдаги қонун ҳужжатлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига зид келмайди. Жумладан:

дарс вақтида, имтиҳон жараёнида, маданий тадбирлар давомида, кутубхона, ахборот-ресурс маркази, ўқув зали, умумий фойдаланиш ва овқатланиш жойларида мобил телефондан фойдаланиш;

дарс вақтида мобил телефонда сўзлашиш, қисқа хабарлар алмашиш, ўйин ўйнаш, интернет сайтларига кириш, мусиқа тинглаш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш;

мобил телефонда сўзлашганда бошқаларни ҳақорат қилиш ва атрофдагиларнинг нафсониятига тегувчи сўзларни ишлатиш;

мобил телефон орқали таълим муассасаларига инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, маънавий бузуқликнинг турли кўринишлари, порнография, зўравонлик, алкоголизм, ичкиликбозлик, кашандалик каби иллатларни тарғиб этувчи, жамиятда умумэътироф этилган ахлоқий қадриятларга зид бўлган, ўқувчиларнинг жисмоний ва маънавий камолотига зарар келтирувчи, шунингдек, диний ва миллий низолар келтириб чиқарувчи, диний ақидапарастлик ва миссионерлик билан боғлиқ ҳар қандай кўринишдаги маълумотларни олиб кириш ва тарқатиш;

мобил телефонни ўта баланд овозга созлаш, ўқувчининг ёши ва ижтимоий мавқеига мос бўлмаган, маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи мусиқа (рингтон)ларни ўрнатиш, эшиттириш ва тарқатиш;

мобил телефонни безатишда ўқувчининг ёши ва ижтимоий мавқеига мос бўлмаган, маънавий-ахлоқий тарбияга салбий таъсир кўрсатувчи тасвирлар (Wallpaper ёки “Заставка”), безаклар, символлар, қўғирчоқ ва бошқа шу кабилардан фойдаланиш.

Таълим муассасаларида уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш талабларини бузган ўқувчи икки мартагача раҳбарият, раҳбар ўринбосарлари ва педагоглар томонидан тегишли тартибда огоҳлантирилади.

Талаблар учинчи марта ёки иккинчи марта ўта қўпол тарзда бузилган ҳолатда педагоглар ташаббуси билан икки нафар педагог (бири синф раҳбари бўлиши мақсадга мувофиқ) ва икки нафар ўқувчи гувоҳлигида мобил телефон ўқувчидан олиб қўйилади, ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки яқинлари иштирокида муҳокама қилиниб, чора кўрилгандан сўнг қайтариб берилади.

Мазкур талаблар билан ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари янги ўқув йилининг бошида таништирилади.

 

Саволларга ҳуқуқшунос Ш. БЕКМИРЗАЕВ жавоб берди

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (04.07.2016)
Просмотров: 1468 | Комментарии: 2 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
1 Kaylakap  
0
Hello, did you receive my offer?
from2325214cv https://google.com

Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz