//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [482]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

МАКРГА ҚУЛ БЎЛГАН ОҚПАДАР

Она… У - муқаддас зот. Она… Уларнинг оёғи остида жаннат. Она… Дунё устуни, фарзанд суянчиғи. Ўзини унутиб фарзандим деб, оилам деб яшайди Волидаи муҳтарамалар! Сочларига оқ оралаб, кўзлари нурсиз, юзига ажин тушса-да, ўзликни унутади онаизорлар. Биз фарзандлар гоҳида билиб-билмай дилларини оғритсак-да, озор берсак-да, кечиради, суяди, жонидан ортиқ кўради. Кулсак юз чандон ортиқ куладиган, бетоб бўлсак минг бора куйинадиган ҳам она. Мушфиқ она, муштипар она…
«Дунё кенгга кенг, торга тор», деб бекорга айтилмас экан. Бу оиланинг фарзандларига бутун башарият яшаётган дунё ҳам торлик қилди. Бу хонадондагилар жуда бахтли эди, токи келин келмагунга қадар.
Раббим ака ва Одина опа ўғилларини уйлантириш ҳаракатига тушиб қолишди. Икки ўғилга икки келин топиш, икки томонга тўй бериш, сарпо-суруқ деганлари онсон бўлармиди?! Қийинчиликларга қарамай бахти бор оила экан, ака-укага опа-сингилни келин қилишди. Ҳамма нарса тахт ва тўй куни белгиланди. Тўй шунақа дабдаба билан ўтдики…
Жамол тўнғич фарзанд бўлгани учун оиланинг суянчиғи. Камол акасидан уч ёшга кичик. Феъл-атвори ҳам кенжалигига борибми, шунга яраша эди. Бироқ ҳар қанча инжиқ бўлмасин, ақл-фаросатли, етти ўлчаб бир кесадиганлар қаторига кирарди. Жамол укасига нисбатан оғир-босиқ эди-ю, лекин шунга қарамай кўп ўйлашни ёқтирмайдиган, бироз тундроқ кайфият одами эди. Ака-уканинг рафиқалари бўлмиш янги келинчаклар оёқ-қўли чаққон, чиройли эдилар-у, бироқ жуда ҳақини талаб қиладиган хилидан бўлиб чиқишди. Катта келин Ҳусния «ўхшатмаса учратмас» деганларидак худди эрига ўхшаган одамовироқ, устига-устак «тилли», асабийлашиб кетган кезлари жағи жағига тегмасди. Кичик келин Моҳира эса унинг тамоман акси. Қувноқ, ҳазилкаш, бир гапириб, ўн куладиган, лекин ўзи шаддод бўлгани билан чуқур мулоҳазали эди.
Аввалига келинли бўлганига, шундай бахтли кунларни кўраётганига Аллоҳга шукроналар келтирган Одина опа тўйдан етти ой ўтиб, ўтирса ҳам, турса ҳам катта келин Ҳусниядан шикоят қиладиган бўлди. Баъзи вақтлари ўз-ўзича пичирлаб, келинига Худодан инсоф сўрар, «Охири бахайр бўлсин!» деб қўярди. Сабаби, оғиркарвон бўлиб кўринган келин, аслида, тили жуда заҳар, гап билан кимнидир чақиб олмаса бўлмайдиганлар хилидан бўлиб, ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Қайнонаси бирор юмуш буюрган кезлари «Мазам йўқ, ухламоқчиман. Ҳаммаларингиз ўтказиб қўйгандек иш буюраверасизлар, мен келинманми ё чўри?!» дея уйни бошига кўтарар, билганидан қолмасди. Эри ишдан келганида эса «Ойингизга ёқмаяпман, эрталабдан кечгача қулдек ишлатади», дея арз-дод қилар ва Жамолни ҳам жон-жаҳди билан йўлдан уришга уринарди. Охир-оқибат Ҳусниянинг макри иш бериб, ўтган етти ой ичида оиланинг таянчи Жамол ҳам аввалига аста-секин, сўнг бутунлай ўзгарди. Аслида, етти ой эмас, тўйдан бир ой ўтиб отасига ҳам, онасига ҳам бақирадиган, сингилларига қўл кўтарадиган, хотинининг «ҳақини» талаб қиладиган одат чиқарган эди. Бироқ бора-бора ота-она билан бўладиган бундай даҳанаки уришлар энди отага қўл кўтариш билан якун топа бошлади. Тўйдан кўп ўтмай кенжа ўғли Камолни ажратиб чиқариб юборган ота-она эндиликда пушаймон эди. Бу аянчли ҳолатдан мутлоқ бехабар Камол «ҳаммаси яхши», деган ўйда ота-онасини акасига ишонар, ўзи билан овора бўлиб, уларни кўргани ҳадеганда боролмасди. Жанжаллардан юраги безиб қолган ота ҳам, она ҳам ҳайрон, «Наҳот шу фарзанд бизнинг зурриёдимиз?» дея ўзларини еб-битиришарди. Юрагига зардоб тўлган муштипар она ҳар қандай кўнгилсизликларга кўз юмар, жанжал кўтарилмаслиги учун ота-боланинг ўртасида жони ҳалак бўларди. Отасига қўл кўтариш Жамол учун энди кунлик машғулотга айлангани сабабли у ўртага тушаверган онасини ҳам аяб ўтирмайдиган одат чиқарди. Ўғлининг калтакларига чидаган ота кўз олдида рафиқасининг ўз зурриёди томонидан хўрланишига ортиқ бардош қилолмай, Жамолни қарғади. Онаизор эса фақат болам дея нола чекар, урса умр, ичса иймон сўрарди Худодан. Жигаргўшасининг қилмишлари ҳақида кўчага ёя олмас, фақат у учун тавба қиларди, холос. Чол-кампир қайси гуноҳлари учун бундай жазо олаётганини Аллоҳдан сўрашар, фарзанд тарбия қилишда қаерда адашганини билмай жонлари ҳалак эди.
Кунларнинг бирида кичик ўғил Камол бу ишлардан хабар топди. Эшитган ониёқ ота-онаси ҳузурига ошиқди. «Акам ўз падарига, волидасига қўл кўтарса», дея лол қолиб, ғазаби қайнаб, акасининг ишдан келишини кута бошлади. Онаси:
— Жон болам, уйингга кетақол. Тағин аканг билан ҳам яхши-ёмон бўлиб юрманглар. Эл кулади-я. Кетақолгин, — дея минг ёлвормасин, у кетмади.
— Онажон, ҳеч нарса бўлмайди. Акам бундай қилмайди. Келсинлар-чи, бир гаплашиб кўраман, хавотирланманг, — дея онасига тасалли берди Камол.
Бироз вақт ўтиб Жамол маст, оёқда базўр турадиган бир аҳволда кириб келди. Сўрида ўтирган укаси ва ота-онасини кўриб, саломлашиш ўрнига:
— Ҳа, булар сенга арз-дод қилишдими дейман-а? Ў, тирранча, қани уйингга жўна! — деди укасига. Сўнг хотинига: — Ҳусния, ў, Ҳусния, сенга биров сўрига жой сол дедими, тез йиғиштир! — дея ўшқирди.
— Ака, келма десангиз келмайман! Фақат ичманг, ота-онамни, сингилларимни урманг! Нега бундай қиляпсиз? Ўзингизга қаранг! — дея меҳр билан гапирди Камол.
У акасини инсофга чақирмоқчи бўлганди. Насиҳатга мушт билан жавоб олди. Ака-ука ёқалашишди. Ўша кун Моҳиранинг ёдида худди бугунгидек қолди. Барчаси кўз очиб юмгунча содир бўлганди. Ака-укаларнинг муштлашаётганини кўриб, ота-она ҳам орага тушди. Камолнинг қўлига қаердандир пичоқ тушиб қолди. Ўзи буни истамаганди. Икковини ажратмоқчи бўлган отани Жамол зарб билан урди. Шўрлик ота йиқилди. Йиқилганда ҳам темир паншаханинг устига йиқилди. Эссиз умр… Қонга бўялган отасини кўрган Камолнинг важоҳати ортди ва қўлидаги пичоқни акасининг кўксига бехато қадади. Икки инсоннинг умри завол топди. Икки оила, ака-ука, опа-сингилнинг ҳаёти барбод бўлди.
Камол темир панжара ортига ҳукм қилинди. Она шўрлик эса орадан бир йил вақт ўтиб, боқий дунёга рихлат қилди. Ҳусния ёлғиз ўзи, Моҳира бўлса вужудида яна бир юрак билан ота уйига қайтди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бу оилага дунё торлик қилди. Эзилди бечора онаизор. Жон бераётганида Ҳуснияни қарғади. Кўзлари алам билан очиқ кетди волиданинг. Ҳусния битмас яра, чексиз армонлар оғушида қолди. Камол ҳозир ҳам қамоқда. Моҳира жажжи ўғилчаси билан тез-тез уни кўргани бориб туради. Улар Камолнинг озодликка чиқишини кутишмоқда. Оз қолди. Икки йилдан кейин яна бирга бўлишади. Ҳозир Моҳира опаси билан ота уйида бирга туради-ю, бир-бирига лом-мим дейишмайди. Моҳира гапиришни истамайди, уни кечиролмайди. Ҳусния бўлса гуноҳини билади, аммо юволмайди. Энди кеч. У эсдан оққанга ўхшайди.
Ҳаёт бешафқат, тақдири азал раҳмни билмайди. Шу ўтган тўрт йил мобайнида ҳеч ким Жамолнинг қабрини зиёрат қилмади. Ҳаттоки сингиллари ҳам бир марта бўлса-да йўқламади. Битта қабиҳ инсон йўқ бўлса, дунё ҳеч нарса йўқотмайди, деганлари шу бўлса керак. Аммо… Икки фариштадан айрилиш…
Отанинг қотили, онага қўл кўтарган фарзанд фарзанд эмас, оқпадар! Унинг дунёга келиши оиланинг интиҳоси бўлишини ота-она билганида эди… Ҳеч бир фарзанд дунёда ота-онага қўл кўтармасин, норизо қилмасин, қарғиш олмасин, хатога йўл қўймасин.
Зеро, она муқаддас, ота буюк зотдир. Уларни эъзозлаганлар эса чин инсон бўлади. Ҳазрати инсон!

@HAYOTIMSAN

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (16.12.2017)
Просмотров: 779 | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz