//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [482]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ХАТО ИСКАНЖАСИ

ХАТО ИСКАНЖАСИ

5c75cb20fec5ff3faa8a0c4236d1dad846662ff2
Таҳририятимизга кириб келган ёшгина аёл негадир ўзини таништиришни истамади. Фақат юпқагина дафтарни берди:
- Лозим топсангизлар чоп этарсизлар. Эҳтимол, ёзганларим кимларгадир сабоқ бўлар...
Ўқиб чиқдик. Аянчли тақдир. Бугуннинг долзарб муаммоси. Сўнг сиз газетхонларга илиндик. Балки муаллиф айтганидек, қайсидир сўқир кўзнинг очилишига сабаб бўлар.
“Турмуш ўртоғим билан севишиб оила қургандик. Иккимиз ҳам олийгоҳни тамомлагач, ишга жойлашдик. Бу орада кўп қаватли уйлардан алоҳида хонадон олиб, кўчиб чиқдик. Бахтиёр эдик. Топганимиз рўзғордан ортиб, ҳатто, бир-иккита мебель ҳам олдик. 
Аммо... Ширин ҳаётимизга нимадир етишмасди. Гўдакка ташналик юрагимизни тобора кемтиклаштириб борарди. Иккимиз ҳам бир-биримизни аярдик. Бироқ Шерзод акам дўстларининг фарзандлари ҳақида, улар ўтказаётган тўйлар тўғрисида гапира бошлаганларида, ўзимни ноқулай вазиятдан қутқара олмасдим. Бормаган шифокоримиз, табибларимиз қолмади. Жавоблари битта: “Фарзанд кўрасизлар. Фақат вақт керак, кутиш ва умид керак!”
Кейинги пайтларда дугоналар даврасидан ҳам безиллаб қолдим. Суҳбат мавзуси айланиб келиб фарзандларга тақалавериши, қалбим оғриқларини янгилашини истамасдим...
Турмуш ўртоғим бир куни тўсатдан:
- Гули, хорижга кетсамми, деб турибман. Сардорни биласану – курсдошим, шу Россияга қатнаяпти. Анча ўзини тиклаб олибди, - дедию, кўп ўтмай кетишга қарор қилди. Уни фикридан қайтара олмадим. Ваҳоланки, ҳаётимиз учун ҳамма нарса етарли эди. Бир томондан ўзим ҳам бу қарорга кўнгим келди. Вақт дил яраларимизга малҳам бўлар. Яратган эгам айрилиқ синовини бериб, сўнг ортидан тирноқ берар, деб ўз  кўнглимга ўзим таскин бердим. Яхшики, телефон бор. Овозимиз билан соғинчли юракларга таскин бера олардик, холос. Вақт эса ўтиб борарди.
Унинг қайтиши хувиллаган кўнглимга нур бағишлади. Биз яна бирга ҳаёт бошладик. Гўё орадан ўтган вақт бизни бир-биримизга яна-да, қаттиқроқ боғлагандек эди. Шундай кунларнинг бирида ўзимни беҳол ҳис қила бошладим. Кўнглим айниши, асабларим таранглашуви юрагимга буюк зиёнинг бўйларини юборгандек эди. Гинеколог тахминимни тасдиқлаганда, қай ҳолга тушганимни тасаввур қила олмайсиз. БАХТнинг осмонида парвоз этардим, гўё. Менинг қувонишим эримнинг шодлиги олдида ҳеч нарса эмасди. У мени уй ичида даст кўтарганча чир айланар: “Мен ота бўламанми?! Фарзандим бўладими?! Сени қанчалар яхши кўришимни билсайдинг!” дея севинчини ичига сиғдира олмасди. Шу кундан бошлаб ҳаётимиз яна-да зиёланиб кетгандек бўлди. 
Ҳомиладорликнинг учинчи ойидан сўнг шаҳримиздаги оилавий поликлиникага кўрикка чиқдим. Таҳлиллар топширдим. Кўп ўтмай гинеколог опанинг шахсан ўзи қўнғироқ қилиб, қайта қон таҳлили топширишим шартлигини айтди. Юрагим безовта бўла бошлади. Аммо турмуш ўртоғимга сездирмадим. Айтилган таҳлилни топширдим. Натижа аниқлангач, шифокор билан хонада ёлғиз қолдик. Негадир Муслима опа (гинекологимиз) ҳамширасини ҳам чиқариб юборди. Кўзларимга қаттиқ тикилганча сўз бошлади:
- Гулираъно, турмуш ўртоғингиз бирор хориж давлатига ишлаш учун борганми?
- Тинчликми, Муслима опа? Буни нега сўраяпсиз?- қаттиқ ўнғайсизланганимдан беихтиёр сумкамни ғижимлай бошладим...
Узоқ суҳбатлашмадик. Мен шифокорнинг гапларидан аллақачон ўзимни йўқотиб қўйгандим. У яна нималар деди, эслолмайман. Ёдимда қолгани: “Синглим, таҳлилларингизда СПИД аниқланди. Демакки, эрингизнинг “у ёқдан” келиши ва ҳомиланинг вужудингизда ривожлана бошлаши сизга ўз таъсирини кўрсатган. Касаллик турмуш ўртоғингиздан сизга, сиздан болага ўтган...” 
Қувончим узоққа бормади. Турмуш ўртоғим  бошида ҳаммасини рад этди, кейинчалик минг афсус билан тан олди. Ўзини иродаси сустликда, имони кучсизликда айблади. Энг ёмони, айбини “мижозини синаб” кўрганлиги баҳонаси ортига яширгани бўлди! Ёлвориб узр сўради. Аммо не наф? Мен ҳайкалга айлангандим: жисм тиригу  руҳи марҳум ҳайкалга! 
Кунларим зулматга юз тутди. Юрагим остида ураётган жажжи юракчани асраб қолиш фикри тинчлик бермай қўйди. Эрим ҳолатимни кўриб, минг пушаймонлар ерди. Бироқ сўнгги пушаймон, ўзингга душмон дейишади... Шундай бўлса-да, мен уни кечирдим. Лекин менинг кечиришим  хатоларни тўғрилай олмайди, ўтган умрни қайтаришга қодир эмас!..
Умримиз тобора тугаш нуқтасига яқинлашарди. Ўлишингни ҳис қилиб яшаш, яна бу ўлимнинг нақадар аянчли ва шармандали дард эвазига эканини ҳис қилиш қанчалик азоблигини биласизми?..
Эрим мени даволанишга кўндирди. Иккимиз махсус диспансерда даволана бошладик. Узоқ текширувлар қондаги вирус бир қадар кучсиз эканини, ҳомиладан воз кечиш орқали бу касалликдан маълум маънода қутулиш мумкинлигини билдирди. Рад этдим. Ахир, бу бахтга неча синовларни енгиб, не-не маломатларга тош тишлаб, аранг эришдим-ку! Оналик бахтини эндигина ҳис қила бошлаганимда, бу сезгидан айрилиш... қанчалик даҳшат! Кўз олдим қоронғилашиб, ўзимдан кетдим. Ҳушимга келганимда, бошимда эримнинг маҳзун қиёфасини кўрдим. У синиқ жилмаяркан, деди:
- Мени кечир... Биламан, кечиришингга арзимайман. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Яна фарзандли бўламиз. Фақат... сен сиқилма жоним. Илтимос, ўзингни қўлга ол...
Ҳаммасини тушундим. Ҳомиламдан айрилганимни ҳам. Турмуш ўртоғимга қарадим. Шу топда унга раҳмим келиб кетди. Менга далда беряпти-ю, ўзини аранг қўлга олиб турибди. Қўйиб берса, у ҳам фарёд ургудек. Биргина ножоиз қадами не кўйларга соляпти бизни?!..
Қўли енгил шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан бугун ҳаётга қайтадан келдик. Юртимизда яратилаётган шарт-шароитлар чексиз имкониятлар эшигини очганига, биз каби билиб-билмай аянчли дардга чалинган беморлар дардига малҳам бўлаётганига амин бўлдик. Мени эса ҳамон бир армон қийнайди. Туғилмаган гўдакда не гуноҳ эдики, ўзгалар “роҳат”ининг қурбонига айланди? Ахир, у неча йиллик орзумиз, муҳаббатимиз меваси эмасмиди? Энди фарзанд уволи тутмасмикан бизни?..
Кечалар гўдак овозини эшитгандек бўламан-у, уйғониб кетаман. Юрагимни тобора исканжага олаётган армондан қутулолмайман”...
Дафтардаги тақдир битиклари барчани ўйланишга мажбур этиши табиий. Хорижий юртга бориб ризқ топаётганлар ўз оиласи бағрига қайтгач, энг аввал тиббий кўрикдан ўтсалар яхши бўларди. Ахир, бежиз айтмайдилар: “ёмонликни ўйламай туриб, яхшилик кутиб бўлмайди”, деб. 
Зилола РАҲМОНОВА.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (07.07.2016)
Просмотров: 1172 | Рейтинг: 1.5/2
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz