//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [482]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Ёр-ёр қўшиқлари ҳақида
Фото Жанубия Қозоғистона.
Жанубий Қозоғистон

*МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ – БЕҚИЁС БОЙЛИГИМИЗ
Ёр-ёр қўшиқлари ҳақида

Қиз узатар кечаси айтиладиган «ёр-ёр» жанри, «ёр-ёр» қўшиқлари бизнинг замонамизда ҳам айтилиб, янги-янги мазмун, образлар билан бойиб бормоқда.
Ёр-ёр қўшиқларининг образлар тизими ниҳоятда ўзига хос. Уларда ота-она образлари ҳам ҳаётий воқеалар, таъсирчан иборалар, мазмундор мисралар билан гавдалантирилган. Уларни алоҳида таҳлилга тортиш фольклоршунослигимиз учун кўплаб янги, жиддий илмий хулосалар бериши аниқ.
«Ёр-ёр» қўшиқларида, кўпроқ уйидан кетаётган келиннинг ота-онаси ҳақидаги тасаввур ва фикрлари, янги ҳаёт олдида ота-онанинг қадру қиммати, обрў ва эътибори ўзига хос тарзда талқин қилинади. Уларда ота-она меҳрининг беқиёслиги, муҳаббатининг тенгсизлиги ифодаланганини кўришимиз мумкин.
Пайғамбарнинг қизини 
Ким кўрибди, ёр-ёр.
Ота-она меҳрига 
Ким тўйибди, ёр-ёр.
Ота-онанинг фарзандига берадиган меҳри чексиз, шунинг учун ҳам бу меҳрнинг қиёси йўқ, у тенгсиздир. Ота уйидан узоқлашаётган қиз, эндиликда келинлик сингари сирли ва номаълум тақдир томон кетаётган фарзанд ёш нуқтаи назаридан ҳали кичкина. Шунинг учун ҳам у ота-она меҳрига тўйган эмас. Аслида, бу мисралар замирида келиннинг безовта кўнглига тасалли оҳангларининг мавжудлигини қайд этиш жоиз. Ота-она меҳрига ҳеч ким тўйган эмас. Демак, бу тақдирнинг ҳукми. Унга итоат қилиш инсоний бурч. Аслида бу халқимизнинг қадим-қадимлардан буён давом этиб келаётган миллий-маънавий қадриятларидан бирининг ўзига хос тарздаги намоён бўлиш шаклидир. Қолаверса, келин ота-она уйидан ўзи хоҳлаб, уларнинг меҳрига тўйганидан кетаётгани йўқ, балки, ҳаётий қонуниятлар, инсоний бурч уни шунга мажбур этмоқда. Қўшиқда айни шу туйғулар ифодаланаётган бўлса ажаб эмас.
Ёр-ёрларда хавотир ва ҳадик ичида турган ота-оналарнинг ўзлари-да қўллаб-қувватлашга муҳтожлиги ҳам эътиборга олинган. Уларга руҳий-маънавий мададни бошқа оила аъзолари, қариндош-уруғлар, дўст-биродарлар бериши мумкин. Бироқ, янги узатилган қизнинг ҳолати, руҳияти улар учун энг ишончли белги ва бебаҳо мададдир. Шунга кўра ёр-ёрларда келиннинг ўз уйига очиқ чеҳра ва кулиб турган юз билан бориши махсус таъкидланади.
Ота-онанг уйига-я,
Кулиб боргин, ёр-ёр.
Кексаларнинг ҳурматини
Қилиб боргин, ёр-ёр.
Кулиб-бориш ифодаси тасодифан қўлланган эмас, одатда, ҳаётдан мамнунлик, кундалик турмушдан розилик, ички хотиржамликкина кулиб туришга асос беради.
Қуйидаги ёр-ёр ҳам ота-онанинг каттароқ ёшда эканлигига ишора қилади.
Жон синглим, жоним синглим,
Омонда бўл, ёр-ёр.
Ота-онанг уйидан
Хабарда бўл, ёр-ёр.
Ота-она фарзанд учун қанчалик қайғурса, фарзанд ҳам ота-она олдида ўз бурчини, масъулиятини шу даражада теран англайди. Қуйидаги ёр-ёрнинг фарзанд тилидар ифода этилиши бежиз эмас.
Ота-онам ҳузуридан
Мен кетарман, ёр-ёр.
Жудоликнинг ҳасратини
Мен ютарман, ёр-ёр.
Келин ота-она ҳузуридан кетиб, айрилиқдан, соғинчдан қайғурса-да, лекин ота-онасини қайғудан озод қилмоқда. Қандай қайғудан?
Айролиқда эранлар
Мадад бўлғай, ёр-ёр.
Ота-онам қайғудар
Озод бўлғай, ёр-ёр.
Маълумки, фарзанд вояга ета бошласа, ота-онанинг қайғуси, ташвиши ҳам купаяверади.
Айниқса, қиз бола вояга етганда, ота-она уни муносиб оилага узатиш, ўзининг тенги билан бахтли яшаб, юзлари ёруғ бўлишини ўйлаб қайғура бошлашади. Яхши қиз, ота-она насиҳатларига қулоқ солиб, ҳаётда адашмай, ибо билан, ҳаё билан янги остонага қадам қўяркан, ота-она бир ташвишдан, катта ўйдан, қайғудан халос бўлиши аниқ. Халқимиз бежизга ҳам, юзинг ёруғ бўлсин деб дуо қилишмайди.
Ёр-ёрларда ота образи етакчи кўринишларни эгаллайди. Халқ орасида «Ота рози-Худо рози» деган мақолнинг пайдо бўлиши бежизга эмас. 
Жоним отам, жон отам,
Дуо қилинг, ёр-ёр.
Бир Худога ёлвориб,
Сано қилинг, ёр-ёр.
Отагинам уйида
Бир гул эдим, ёр-ёр.
Уйимизнинг тўрида 
Булбул эдим, ёр-ёр.
Ота учун фарзанднинг ҳар бири алоҳида қадру қимматга эга. Унга ўғил ҳам, қиз ҳам бирдек азиз ва мўътабар. Шунга қарамай, «ёр-ёр»ларда отанинг ўз қизига нисбатан айрича, таъбир жоиз бўлса, ўзбекона меҳр-муҳаббати алоҳида тилга олинади:
Қора қўйнинг изидан
Қўзи кетди, ёр-ёр.
Отагинам уйингдан
Қизинг кетди, ёр-ёр.
Бу ерда фақат поэтик маъно эмас, балки шу маънони юзага чиқараётган ифода ҳам ўзига хосдир.
Ёр-ёрларда узатилаётган қизнинг отаси билан боғлиқ ҳолатлар тасвири асосий ўринни эгаллайди. Шунга қарамай уларда ҳаётнинг даҳшатли ҳақиқатлари ҳам барча лирик жанрларда бўлгани сингари бутун кўлами билан акс этган. Жумладан, уларда бўлажак келиннинг отасизлиги ўзига хос фожиа сифатида талқин этилади.
Анов тоғнинг устига
Қўй келибди, ёр-ёр.
Отаси йўқ синглимга
Тўй келибди, ёр-ёр.
Мумкин бўлмаган ишларнинг амалга оширилишини ўйлаш, ҳатто шунга ҳаракат қилиш фольклорнинг кўплаб жанрларда кузатиладиган холат. Ёр-ёрларда ҳам бу холат мавжуд. Келин бўлаётган қизнинг ўксик кўнглида ота дийдори, шундай бахтли дамларда отанинг иштироки интиқлик билан кутиладиган дамлардир. Қуйидаги мисраларда шу туйғулар муҳрланган:
Бориб айтинг, жаброил,
Бекларига, ёр-ёр.
Отасини юборсин
Тўйларига, ёр-ёр.
Ота-она дуоси, ҳеч бўлмаганда уларнинг руҳи бундай дамларда мадад булиши мумкин. Қўшиқларда шу руҳнинг устуворлигини кузатиш мумкин.
Ўртоқлари ичида,
Баҳосизим ёр-ёр.
Тенгқурлари ичида,
Отасизим, ёр-ёр.

Отасининг арвоҳи,
Келдимикан, ёр-ёр.
Чимилдиқнинг бошига
Қўндимикан, ёр-ёр.
Отасизлик-кулфат. Отасизлик-азоб. Отасизлик– бахтсизлик. Қўшиқлар отасизлик азобиниа шундай талқин қилади.
Қатор-қатор туялар,
Бўтанг қани, ёр-ёр.
Бўта кўз экан синглим,
Отанг қани, ёр-ёр.

Остонанинг остида
Отанг ётар, ёр-ёр.
Оқ бўз отни юборсанг
Келмаётир, ёр-ёр.
Туялар қатор қатор турибди, уларнинг бўтаси-боласи йўқ. Ҳаётнинг шафқатсизлигини қарангки, бўтакўз бўлган дилбар ва гўзал қиз-келин бор. Аммо унинг отаси йўқ.
Тўй бўлаётган уйда ҳамма бор. Фақат ота йўқ. У остонанинг остида-қабрда. Унга ҳар қандай иззат-икром (оқ бўз отни юборсанг) беҳуда, бекор. Бу ҳаракатлар натижасиз тугайди.
Ўз отасининг йўқлиги, вафоти ҳар ҳолда тақдири азалнинг иши. Унга кўнмасликнинг, бўйсунмасликнинг иложи йўқ. Аммо «Дард устига чипқон» деганларидек, унинг ўгай фарзандга нисбатан муносабатлари бир ҳол бўлса, бунинг ўрнини нима босади. Ёр-ёрларда шу ҳолатлар ҳам ўз ифодасини топган.
Анов товди айналиб
Отанг ётир, ёр-ёр.
Бўз қўғирчоқ қўлида
Отаётир, ёр-ёр.
Ҳали ўзингнинг отанг,
Бўлса еди, ёр-ёр.
Туя сотиб тугмалар
Олармиди, ёр-ёр.
Ёки:
Сен отангнинг уйида
Меҳмон эдинг, ёр-ёр.
Олтин сандиқ устида
Ўйнар эдинг, ёр-ёр.
Нотаниш ва бегона уйга бориш-олтин сандиқ устидан тушиш билан баробар. Бунинг устига бундан кейинги тақдир, бундан кейинги ҳаёт ҳам ноаниқ ва мубҳам:
Олтин сандиқ устидан
Тойиб тушдинг, ёр-ёр.
Отанг билмас ерларга
Қайдан тушдинг, ёр-ёр.
Қўшиқларда ота ҳар доим ҳам бепарво ва бехабар қиёфада тасвирланмайди. Баъзан уларнинг онгли равишда билиб туриб қилган ҳаракатлари ҳам тилга олинади. Бунда, кўпинча фикр бевосита қиз-фарзанд тилидан ифода этилади:
Оқ паранжи оғир деб,
Отга солди, ёр-ёр.
Отам мени ёмон деб,
Ётга солди, ёр-ёр.
Қуйидаги ёр—ёрда ҳам шу оҳангда янада бўртиб кўринади:
Дарёларнинг ул юзида
Тўним қолди, ёр-ёр.
Отам мени чолга берди
Кўнглим қолди, ёр-ёр.
Олдинги ёр-ёрда қиз бегона, ёт одамлар орасида қолганидан озурда эди. Бу тўртликда унинг қалбида оҳу фарёд бошқача заминга эга. У энди ижтимоий тенгсизлик қурбони бўлаётганидан фиғон чекмоқда. Ўз қизининг кўнглига қарамасдан, қалб розига қулоқ солмасдан, замон таъсиридан, муҳит мажбуриятиданми қиз узатаётган отадан норозилик ёр-ёрда жуда таъсирчан ифодаланган.
«Ёр-ёр»ларда ана шунлай халқ истаган, ҳар бир қайнона-қайнота орзу қилган келинлар тавсифи чиройли тасвирланган.
Бадиий адабиёт асарларида жуда кўп таъриф ва тавсиф этилган келиннинг ташқи гўзаллиги, «ёр-ёр» қўшиқларида ҳам етакчи ўринларда ифода этилган.
Қиз таърифин айтайин,
Барно эрур, ёр-ёр.
Сочи сунбул, бўйлари,
Зебо эрур, ёр-ёр.
Мисраларда қизнинг қомати барно, бўйлари зебо, яъни ўзига ярашган, гўзал эканлиги таърифланган. Қолаверса, халқимизнинг азалдан сочи сунбул қизларга ҳавасманд эканлиги таъкидланган.
Сулувларнинг сочида
Оппоқ пилик, ёр-ёр.
Келинпошшо сочлари
Қирқ попуклик, ёр-ёр.
Сочи узун қизларни сулув деб таърифлашади. Юқоридаги мисраларда маълум маънода ўзбек халқининг одатлари акс этган. Қадимда келинларимизнинг сочлари қирқ жамалак билан ўраб, орасига оқ пахтадан пиликлар боғлашган. Бу ўзига хос ирим ва ниятларни ифодалайди.
Бир хипчали камардай
Бели бордир, ёр-ёр.
Ўн тўрт кунлик ойдайин
Юзи бордир, ёр-ёр.
Ушбу мисраларда камар билан боғланган бел қандай хипча бўлса, келиннинг бели ҳам худди шундай нозик эканлиги таърифланган. Кейинги икки мисра хипча белли гўзалнинг юзи ҳам гўзал, яъни ойдек. Маълумки, ёр, маъшуқанинг юзини тасвирлашда анъанавий ой- тимсоли поэтик образ даражасига кўтарилиб, «ўн тўрт кунлик ой», «ўн беш кунлик ой», «тўлин ой» ва ҳоказо кўринишларда ифода этилган. Келиннинг хипча бели ва юзининг айнан ўн тўрт кунлик ойга ўхшатилиши унинг ёш эканлигидан далолат беради.
Ёрмухаммад МАДАЛИЕВ,
ЖҚДУ доценти.
Барно САПАРОВА,
21-сонли мактаб ўқитувчиси.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (05.01.2017)
Просмотров: 1172 | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz