//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [482]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ҲИДОЯТ ДЕБ ЗАЛОЛАТГА КЕТМАНГУ

у

Бугунги кунда оилада, жамиятда ва ижтимоий ҳаётда аёлларнинг фаоллиги янада ошиб бормоқда. Айниқса, хотин-қизлар орасидаги маънавий-маърифий ишларда уларнинг ўрни катта бўлмоқда. Жумладан, диний маърифат ва ахлоқий тарбияни аёлларга етказишда отинойиларнинг ҳам муносиб ўрни бор. Бироқ маънавий муҳитга салбий таъсир этаётган ва бидъат-хурофотларга бошчилик қилаётган баъзи бир сохта отинойилар ҳам учраётгани ачинарлидир.

Қуйида ана шундай сохта отинойилар тўғрисида ҳамда аслида отинойилар қандай бўлиши кераклиги ва уларнинг вазифалари нималардан иборат экани ҳақида фикр юритамиз.

Билмаган ишингга аралашма!

Замон жадал ривожланиб бораётган ҳозирги кунда илми йўқ, фақат бир-икки оят, ҳадисни чала ёдлаб олган, беҳуда гаплару, асоссиз ривоятлар билан одамларни чалғитаётган аёлларнинг борлиги кишини ранжитади. Бундайлар нафс истаги, бойлик орттириш, обрў-эътибор илинжида ўзлари билмайдиган ишларга қўл уришмоқда. Улар аёлларни ҳидоятга чорлаяпман, деб ўйлайдию, аммо ўзини ҳам, бошқаларни ҳам залолат ботқоғига тортаётганини сезмайди. Халқимизда бир гап бор: "Билмаган ишинг­га бурнингни суқма".

Қуйида сохта отинойилар йўл қўяётган хатоликлар ҳақида сўз юритамиз.

Биринчи. Баъзи сохта отин­ойилар ўзининг етарли билими бўлмагани ҳолда диний расм-русумларга бошчилик қилиш билан бирга бидъат-хурофот ишларда ташаббускорлик ҳам кўрсатишяпти. Бу билан фақат ўзларини эмас, балки уларга эргашувчиларни ҳам залолатга бошлашмоқда.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ким ҳидоятга чақирса, унга эргашувчининг савобидек ажр бўлади. Бу билан амал қилган кишининг савобидан бирор нарса камаймайди. Кимки залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. Бу билан амал қилган кишининг гуноҳидан бирор нарса камаймайди», дедилар.

Айрим аёл-қизлар онгига ўрнашиб қолган ирим-сиримлар ва Биби сешанба, Мушкул кушод каби бидъат-хурофотларга раддия билдириш ўрнига, отинойилар уларга бош-қош бўлмоқдалар. "Мушкул кушод" – мушкулларни осон қилиш мақсадида, масалан, совчи келмаганида, муносиб келин топилмаганида ёки иши юришмаганида қилинадиган хурофот амалдир. Динда бундай амаллар йўқ.

Иккинчи. Балои нафс йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган баъзи отинойилар аёлларга хос ишонувчанлик, соддадиллик ва итоаткорлик каби хусусиятлардан фойдаланиб, уларни тўғри йўлдан чалғитишяпти. Ишончни суиистеъмол қилиб, соддадил аёлларни алдаш йўлига ўтишмоқда. Уларнинг найрангига учаётган софдил аёл-қизлар Яратганнинг "Ўзинг (аниқ)билмаган нарсага эргашма" (Исро,36) деган хитобига амал қилмай, тўғри йўлдан чалғиётганлари ташвишли ҳолдир.

Учинчи. Баъзи отинойилар суҳбатларида фақат дўзах азоби, қабр ҳаёти ва қиёмат даҳшати ёки жаннат васфи ҳақида гапириб, қалбга ваҳима ёки ҳайрат соладилар. Аслида Яратганнинг муҳаббатига маърифат ва Ҳақ таоло рози бўладиган эзгу ишлар билан эришилади. Бу ҳақда тасаввуф олимаси Робия Адавия: "Жаннат орзуси ва дўзах азобидан қўрқув нажот воситаси бўла олмайди. Маърифат амалдан устун, Аллоҳни амаллар билан эмас, маърифат билан таниш муҳимдир", деган эди.

Тўртинчи. Айрим отин­ойилар динни осон қилиб етказиш ўрнига амалларни мушкул қилиб изоҳлаш, қўрқитиш йўлини тутади. Аслида, Ислом енгиллик динидир. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам умматларга доимо енгиллик, осонлик истаганлар. Бир ҳадиси шарифда: "Осонлаштиринг, қийинлаштирманг, қизиқтиринг, бездирманг", (Имом Бухорий ривояти) де­йилган. Зеро, ояти каримада ҳам "Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди..." (Бақара, 286) дейилган.

Отинойилар ибодат масалаларини ҳаддан зиёд қийинлаштириб кўрсатишлари оқибатида, аёллар орасида Ислом динига нисбатан но­тўғри тушунчалар пайдо бўляпти. Ваҳоланки, Қуръони каримда "Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди", дейилган (Бақара, 185).

Бешинчи. Фолбинлик каби улкан гуноҳ ишлар билан шуғулланадиганлар орасида отинойиликни даъво қиладиганлари ҳам борлиги кишини қаттиқ ранжитади.

Турли иллатлар ҳозирга қадар сақланиб келмоқда. Масалан, ёмон кўздан асраш учун тикан, тақа, бўри тирноғини илиб қўйиш каби одатлар, чоршанба, шанба кунлари сафарга чиқилмаслик каби хурофотлар ва "етти", "йигирма", "қирқ", "йил" деган бидъат маросимлардан қайтариш ўрнига, баъзи отинойилар уларни қўллаб-қувватламоқда.

Олтинчи. Кўп отинойилар тўй, ақиқа, хотира маросимларининг фарқига бормайди. Шунингдек, улар диёримиз мусулмонлари ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли адабиётлардан ўқиган ёки эшитган фикрларни гапириб, кишилар орасида ихтилофларни келтириб чиқаришмоқда. Набий (алай­ҳиссалом): "Банда бир калимани гапиради. Унда нима борлигини (маъносини) ажратмайди. Бу билан дўзахга, машриқ ва мағриб орасидан ҳам чуқурроқ қаърига қулайди" (Имом Термизий ривояти), деб огоҳлантирганлар.

Еттинчи. Шундай отинойилар ҳам борки, ҳижоб масаласига қаттиқ ёпишиб олиб, аёл бутун танасини, ҳатто кўзини ҳам беркитиши керак, деган фикрни илгари суради. Ваҳоланки, ҳанафий мазҳабида аёлнинг юзи, икки кафти ва оёқларининг тўпиғидан пасти аврат эмаслиги хусусида аниқ далиллар бор.

Баъзи мутаассиб аёллар "ҳижоб", деб бошдан-оёқ ўраниб юриши масаласида ҳамон баҳс-мунозаралар қилмоқда. Маълумки, бошдан-оёқ қора либосга ўраниб олиш, аслида араб саҳросида яшайдиган аёлларга хосдир. Чунки у ерлар ҳаддан ташқари иссиқ ёки шамол бўлгани учун эркак ҳам, аёл ҳам иссиқдан ўзини сақлаш мақсадида кўзи очиқ бўлиб, юзи ва баданини ўраб юради.

 Қадимдан аёллар ўраб келган рўмол эса динимиз кўрсатмаларига тўғри келади. Шундан келиб чиқиб, юртимиз хотин-қизлари ҳам динимиз таълимотига мувофиқ, урф-одатларимизга мос ҳолда бошларига оқ ёки ёрқин рангли рўмол ўрашган.

Ҳар бир инсон миллий либосини кийишга ҳақли. Шундай экан, аёлларимиз миллий либосларини кийишсин. Либослар замон ўзгариши билан кўркамлашиб боради. Момоларимизнинг миллий либосларини моҳир тикувчиларимиз ҳозирги замонга хос, иқлимимизга мос, урф-одатларимизга тўғри келадиган шакл­ларда тикишса, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Отинойи қандай бўлиши керак?

 

Энг аввал "отинойи" сўзининг истилоҳий маъносини анг­лаш лозим. Отин – қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони ҳамда аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл. Шунингдек, "отин" сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб айтилган.

Илгари аждодларимиз хотин-қизлар қалбига аёл кишининг суҳбати чуқурроқ сингиб боришини яхши англа­ганлари учун отинойилар фаолиятидан унумли фойдаланишган. Маҳалла ёки қишлоқлардаги таълим-тарбия ишларига жалб этишган. Айниқса, диний маърифатни ёйиш, қизларни турмушга тайёрлаш ва уларнинг руҳиятини бекаликка мослашда отинойиларнинг вазифаси катта бўлган. Отинойилар фақат билим тарқатувчигина эмас, балки ёшлар тарбияси учун масъул, одоб-ахлоқда эса ҳаммага ўрнак бўлишган. Шунингдек, Қуръони карим қироати, унинг тафсири, пай­ғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган.

Улар ёшларга никоҳнинг илоҳий аҳдлиги, оиланинг муқаддаслигини уқтиришган ва ҳаётий мисоллар билан фарзандлар онгига сингдиришган. Зиё тарқатувчи, маърифатпарвар имом-хатиблар қанча эъзозда бўлса, отин­ойилар ҳам шунча ҳурмат қилинган.

Хотин-қизларни, болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси тарихдан маълумки, аёл устозлар – отинлар зиммасида бўлган. Имом Бухорий, Термизий, фалакиёт илми билимдони Мирзо Улуғбек, дунё тиббиётига устоз бўлган Абу Али ибн Синонинг улуғ олим бўлишларига маърифатли аёллар, мўътабар оналар сабабчи. Навоийдек шоирларни ҳам, Мирзо Бобурдек ҳукмдорларни ҳам ана шундай оналар тарбия қилишган. Ушбу илм дарғаларининг болалик йилларига назар солинса, бошланғич таълимни гўдаклик чоғларида оналаридан олишгани маълум бўлади.

Албатта, бундай шахслар камолоти замирида аёл меҳнати ётади. Масалан, Ҳаким ат-Термизий кўп аёл муҳаддислардан сабоқ олгани манбаларда келтирилган. Аллома Имом Ғаззолий ҳаёти ўрганилса, маърифатпарвар онанинг улкан хизмати кўзга ташланади.

Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаммадан олдин аёллари Хадича (розияллоҳу анҳо) онамиз ёрдам кўрсатганлари маълум. Ҳазрат Ойша бу уммат аёлларининг олимаси ва Қуръон ҳофизаси эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд энг етук фақиҳ бўлса, Ойша (розияллоҳу анҳо) энг етук фақиҳа эди. Зайд ибн Собит ҳофиз бўлса, Ҳафса бинти Умар ҳофиза бўлган. Ҳасан Басрий йирик машойих бўлса, Робия Адавия катта машойихлар мақомида эди.

Қадимдан отинойилар ҳалоллиги, тақвоси, меҳнаткашлиги, ҳаёси билан эл ҳурматини қозонишган. Чунки уларда шундай фазилатлар борки, уларни бош­қа халқлар аёлларида кўриш мушкул. Шоиралар мураббийи Жаҳонотин Увайсий, маърифатпарвар шоира Нодирабегим ва доно маслаҳатчи Бибихоним каби оқила момоларимиз яхши тарбия кўрганлари боис, ўз даврининг машъали, хайрли ва улуғвор ишларнинг йўлбошчилари бўлишган. Ҳозирги отин­ойилар ана шулардан ибрат олишлари лозим.

 

Отинойиларнинг вазифалари

 

Ҳозирги замон отинойиси чуқур ҳаётий тажрибага эга, дунё­вий ва диний билимлар соҳибаси, эл-юрт орасида обрў-эътиборли, миллий-диний қадриятларни асл ҳолида аҳолига етказа оладиган аёллар бўлиши керак. Шунингдек, отинойи Ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна билиши, тўрт мазҳаб ҳақида маълумотга эга бўлиши, Қуръони каримни тажвид билан ўқий олиши, дунёда юз бераётган ҳодисалардан хабардор бўлиши зарур.

Отинойилар халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишни, дунёда кечаётган ўзгаришлар, юз бераётган нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушунтириб, қалб­ларга етказа олишлари лозим.

Хотин-қизларга никоҳ ва оила масалалари ҳақида маълумотлар бериши керак. Айниқса, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари ҳамда балоғат, камолот ва никоҳ ёшларининг бир-биридан фарқини билдиришлари жуда муҳим вазифадир. Шунинг­дек, оила муҳитини яхшилашда аёл кишининг ўрни катталигини эсдан чиқармаслик керак.

Аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, ҳанафий мазҳаби таълимотига зид бўлган ҳолатларга қарши туриш зарур. Хусусан, хотин-қизлар орасида учрайдиган фолбинга бориш, сохта пирларга эргашиш каби бидъат-хурофотларга барҳам бериш йўлида отинойилар тинмай ташвиқот ишларини олиб боришлари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Минг афсуски тўй ва маърака-маросимларда исрофгарчиликлар ҳамон учраб турибди. Айниқса, тўй арафасидаги олди-берди, зебу зийнатларни ортиқча талаб этиш катта исрофдир. Оқибатда, оилалар арзимаган "берди-бермади", деган гап-сўзлар билан бузилиб кетяпти. Демак, отинойи­лар тўйларни ихчам ўтказиб, тежалган маблағни ўша ёш оиланинг келажаги учун ишлатиш дуруст бўлиши ҳақида панду насиҳат қилишлари даркор. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бундай огоҳлантирадилар: "Сени икки нарса – фахрланиш ва исроф хатога бошлайди. Шундан эҳтиёт бўл" (Имом Бухорий ривояти).

Отинойилар аёллар ўртасида учраётган муаммолар, айниқса, ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандлик ва тузалмас касалликларга мубтало бўлишнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларда фаол қатнашишлари мақсадга мувофиқдир.

Инсонларни динимизнинг эзгу таълимотларига чиройли сўз ва гўзал насиҳат билан чорлаш тавсия этилади. Қуръони каримда "(Эй Муҳаммад,)Рабби­нгиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!.." (Наҳл, 125) де­йилган. Қуръони карим оятлари кишиларни тўғри йўлга панду насиҳат ила чақирган. Одамнинг кучи ва бардоши етмайдиган нарсаларга ундамаган. Отинойилар мана шунга алоҳида эътибор қаратишлари жуда зарур.

Аҳоли орасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб боришда маҳаллалардаги диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги отинойи­лар ана шу маслаҳатчилар билан ҳамжиҳатликда фаолият олиб боришлари керак.

Ёшларимизни, айниқса, қиз болаларни соғлом руҳда тарбиялаш ва уларнинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳаётда муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш, шунинг­дек, урф-одат ҳамда диний маросимларни давр талаблари билан уйғунлаштириш маҳалла маслаҳатчилари ва отинойилар олдида турган энг муҳим вазифадир.

Ҳозирги кунда отинойилар фао­лиятини тўғри йўналтириш ва улар билан ҳамжиҳатликда ишлаш мақсадида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида туман бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари фаолият кўрсатмоқда. Улар отинойилар билан бевосита ҳамкорликда ишлашмоқда. Келгусида бошқа ҳудудларда ҳам шундай вазифаларни ташкил этиш айни муддао бўлур эди.

Отинойилар юқорида айтилган талабларга жавоб бера олсалар, турли бидъат ва хурофотлардан халқимиз ва ёшларимиз онгини муҳофаза этсалар, динимизнинг асл моҳиятини тўғри етказиб бера олсалар, мамлакатимиз ривожига катта ҳисса қўшган бўладилар. Энг муҳими, халқ орасида ҳурматли инсонларга айланадилар.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (14.06.2016)
Просмотров: 1471 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz